АҚШ Ҳарбий-денгиз кучлари Криминал суриштирув хизматининг собиқ ходими 47 ёшли Жон Бертран Белайво 14 октябрь, жума куни шов-шувли «семиз Леонард» коррупция иши бўйича 12 йилга озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
Бошқарманинг маълум қилишича, Калифорния штатининг жанубий округ суди Белайво Сингапурнинг Glenn Defence Marine Asia фирмасининг эгаси, «семиз Леонард» лақаби билан машҳур Леонард Гленн Фрэнсисга махфий маълумотни етказиб, қонун бузганлигини аниқлади.
Белайво пора эвасига Фрэнсисга фирибгарлик қилиш чоғида Америка ҳуқуқ-тартибот тизимининг эътиборига тушмаслик усуллари ҳақида маълум қилган. Судья Жанис Саммартино Белайвога қамоқ жазосидан ташқари, флотга товон пули тариқасида 20 миллион доллар тўлаш мажбуриятини юклади.
Glenn Defence Marine Asia чорак аср давомида Осиё портларида АҚШ кемаларига хизмат кўрсатиш билан шуғулланиб келган. Бироқ 2013 йилда унинг раҳбариятига АҚШ расмийларининг саволлари юзага келган. Тергов давомида Фрэнсис флот қўмондонлигидаги алоқаларидан фойдаланиб, АҚШ ҳарбий ва сувости кемаларининг ҳаракатланиш йўналишлари ҳақида маълумот олганлиги аниқланган. Бундан ташқари, унинг шериклари кемаларни унинг назорати остида бўлган портларга йўналтиришга ёрдам берган.
«Семиз Леонард» 2013 йилда АҚШда махсус хизматлар томонидан ҳибсга олинган.
Изоҳ (0)