Forbes журнали энг бой америкаликлар рўйхатини тақдим этди. Бу сафарги рейтингда умумий бойлик миқдори рекорд даражага етгани қайд қилинди, деб хабар беради «Интерфакс».
Биринчи ўринни Microsoft асосчиси Билл Гейтс сақлаб қолди. Унинг бойлигини Forbes 81 миллиард долларга баҳолади.
Иккинчи ўринда 67 миллиард доллар кўрсаткич билан Amazon асосчиси Жеф Безос турибди. У бир йил давомида ҳаммадан кўпроқ пул ишлаб топди ва шу боис иккинчи қаторга кўтарилди. Шу тариқа, у 15 йил давомида иккинчи бўлиб турган Berkshire Hathaway холдинги асосчиси Уоррен Баффетни учинчи поғонага туширишга муваффақ бўлди.
Тўртинчи натижани 55,5 миллиард доллар кўрсаткич билан Facebook асосчиси Марк Цукерберг қайд қилди. Oracle асосчиси Ларри Эллисон эса 49,3 миллиард доллар билан 2007 йилдан буён биринчи марта бешинчи ўринни эгаллади.
Forbes’нинг қайд қилиб ўтишича, 400 энг бой америкалик рекорд даражадаги бойликка эга бўлди. Уларнинг умумий давлати 2,4 триллион долларга етди. Рўйхат иштирокчиларининг ўртача бойлиги — 6 миллиард доллар.
Рейтингга кириш учун минимал чегара этиб 1,7 миллиард доллар белгиланди. 153 миллиардер, муаллифларнинг ёзишича, «эксклюзив клубга кириш учун камбағаллик қилди».
Изоҳ (0)