25 сентябрь куни Uber компаниясининг маҳсулотлар бўйича директори Жефф Холден Сан-Францискода бўлиб ўтган Nantucket Conference конференциясида ривожланишнинг янги йўналиши ҳақида гапириб берди. Унинг сўзларига қараганда, Uber анчадан бери вертикал учиш ва қўниш технологияларини ўрганмоқда. Уларнинг ёрдамида шаҳар шароитларига мослашган — учиш-қўниш тасмасисиз ишлайдиган самолётлар яратиш мумкин, деб хабар беради TJournal.
Холденнинг сўзларига қараганда, Uber вертикал учувчи ва қўнувчи самолётлар йўналишига жиддий эътибор қаратмоқда. Унинг таъкидлашича, сервисни ривожлантиришдаги навбатдаги қадам уч ўлчамли муҳитга кўчиш бўлади.
Агар компания ўйлаган технологиялар иш берса, шаҳарнинг осмонўпар бинолари томида митти аэропортлар пайдо бўлиши мумкин. Бу эса, компания раҳбариятининг фикрича, йўлдаги тирбандликлар ҳажмини кескин қисқартиради.
Шу билан биргаликда, Холден технология жуда тез суръатларда ривожланган тақдирда ҳам фақат ўн йилдан сўнг кенг тарқалиши мумкинлигини тан олди.
Ҳозирча бундай самолётлар концепциясини ишлаб чиқиш билан асосан ҳарбийлар шуғулланмоқда. Жумладан, АҚШнинг DARPA мудофаа агентлиги вакиллари VTOL X-Plane, Airbus компанияси эса A3 лойиҳалари доирасида ўз прототипларини тақдим қилиб улгурди.
Изоҳ (0)