Нью-Йорк ва Нью-Жерсида 28 ёшли Аҳмад Хон Раҳамий томонидан амалга оширилган портлаш қасддан уюштирилган террорчилик акти эди. Бу ҳақда Нью-Йорк штати Жанубий округи прокурори Прит Бхарара баёнот берди, деб хабар қилади «ТАСС».
«Биз томонимиздан ушбу иш юзасидан тўпланган далиллар шундан гувоҳлик бермоқдаки, бу қасддан уюштирилган террорчилик акти эди», — маълум қилди у.
Прокурорнинг қўшимча тарзда айтиб ўтишича, Раҳамий қўлга олиниш пайтида яраланган бўлиб, ҳозирча терговчилар томонидан тегишли тартибда сўроқ қилина олмайди.
28 ёшли Аҳмад Хон Раҳамий Нью-Жерси штатининг Линден шаҳрида, полиция билан отишмадан сўнг ҳибсга олинди. Аввалроқ Нью-Йорк полицияси портлашга алоқадорликда гумонланувчи беш кишини ҳибсга олгани ҳақида хабар берилган эди.
17 сентябрь, шанба куни Манхеттеннинг ғарбий қисмида портлаш юз берди. Ҳодиса оқибатида 29 киши жабрланди.
Бир кун ўтиб Нью-Жерси штатининг Элизабет шаҳрида пакет ичида қўлбола портловчи қурилма аниқланди. Робот-сапёрнинг портловчи қурилмани зарарсизлантиришга уриниши вақтида қўлбола бомба портлаб кетди.
Терговнинг тахмин қилишича, Нью-Йорк ва Нью-Жерсидаги портлашлар бир-бирига ўзаро боғлиқ бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)