Қиличдумлар — орқа томонидан чиқиб турадиган шамшири сабаб шундай ном олган бўғимоёқлиларнинг шакли 450 миллион йил давомида қарийб ўзгармаган, деб ёзади Meduza. Бу синф жониворлари бешта оммавий қирғин, хусусан, бундан 250 миллион юз берган ва денгиздаги турларнинг 96 фоизини йўқ қилиб юборган Перм оммавий қирғинидан ҳам омон чиққан. Бу йил эса Японияда одатдагидан кўпроқ қиличдум ўлди. Quarz’нинг ёзишича, нега бундай бўлганини олимлар билолмаяпти, ҳаммасига инсон сабабчи бўлиши ҳам мумкин.
Қиличдумларнинг кўриниши (ҳар ҳолда, ташқи кўриниши) сўнгги бир неча юз миллион йилдан бери деярли ўзгармагани сабаб, уларни жонли қазилмалар деб аташади. Ҳақиқатан ҳам, тирик қиличдумларнинг кўриниши чўкиндилардан топилган қиличдум қолдиқларидан фарқ қилмайди.
Қиличдумлар ҳар йили тухум қўйиш учун Япониянинг Китакюсю шаҳри қирғоқларига чиқади. Одатда соҳилга чиққан икки мингга яқин бўғимоёқлидан 50—60 таси ҳалок бўлар эди. 2016 йили эса қурбонлар сони сезиларли ошиб кетди — 500 га яқин қиличдум ўлди.
«Бунга, балки, глобал иқлим ўзгариши сабаб денгиз сатҳининг кўтарилгани, тухум қўйиш учун жойнинг етмаётгани ва озуқанинг етарли эмаслиги сабаб бўлиши мумкин, — дейди Кюсю университети тадқиқотчиси Киоке Хироко. — Ҳодиса сабабларини аниқлаш учун жуда ҳам эътиборли бўлишимиз зарур».
Тадқиқотчиларнинг қайд этишича, қиличдумлар жуда кеч жинсий балоғатга етади, шу сабабли ҳам 500 жониворнинг ўлими — бу турга берилган жиддий зарбадир. Қиличдумлар 20 йилча яшайди, ҳаётининг 9—12 йилидан бошлаб тухум қўйишни бошлайди.
Қиличдумларнинг омон қолган икки тури яшайдиган Ҳиндистонда ҳам бу жониворларнинг популяцияси камайиб бормоқда. Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг яқинда бўлиб ўтган йиғилишида одатий ҳаёт кечириш жойларининг бузилиши сабаб қиличдумлар қирилиб кетиши мумкинлиги таъкидланди.
Қиличдумларнинг кўпайишига инсон ҳам ижобий таъсир кўрсата олмаяпти. Бу бўғимоёқлиларнинг қонидан лаборатория тадқиқотларида фойдаланилади. Тадқиқотчиларнинг баҳолашларига кўра, қони олинган қиличдумлар узоқ яшамайди.
«Қиличдумлар 450 миллион йилдан ортиқ яшашга муваффақ бўлган эрсада, улар инсоният тараққиётига мослаша олмади. Сўнгги 20 йил давомида қиличдумлар популяцияси кескин қисқарди», — деб ёзади Quarz.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарё’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)