Самарқанд вилояти фермерлари жорий йилда 88 минг 700 гектар майдонда ғўза парваришлади. Айни пайтда далаларда қийғос очилган пахта ҳосилини қисқа фурсатларда сифатли йиғиб-териб олиш юзасидан чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Теримчи ва механизаторлар, фермер хўжаликлари аъзоларининг самарали меҳнат қилиши ва мароқли ҳордиқ чиқариши учун зарур шароит яратиш, уларга сифатли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш мақсадида вилоятдаги савдо корхоналари томонидан юздан ортиқ кўчма автодўконлар ташкил этилди.
Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Пастдарғом туманида ўтказилган кўргазмали семинарда мазкур кўчма дўконларни керакли озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, улар томонидан сифатли хизмат кўрсатилишига эришиш масалалари муҳокама этилди.
Семинарда мавсум давомида аҳоли ва теримчиларни зарур маиший буюмлар, кийим-кечак ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди. Фермер хўжаликлари ва тегишли ташкилотлар таъминотчи корхоналар билан шартномалар тузди.
Изоҳ (0)