«Формула–1» автопойгаларининг собиқ иштирокчиси Алессандро Дзанарди Рио–2016 Паралимпия ўйинларининг шосседаги велопойга баҳсларида ғалаба қозониб, уч карра паралимпия чемпионига айланди. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.
49 ёшли италиялик спортчи алоҳида старт билан ўтказиладиган индивидуал пойгада зафар қучди. Иккинчи ўринни австралиялик Стюарт Трипп эгаллади.
«Формула–1»нинг Benetton, Minardi ва Lotus жамоаларида фаолият олиб бориб, кейинчалик CАRT сериясидаги автопойгаларига ўтиб кетган Дзанарди 2001 йилнинг 15 сентябрида жиддий автоҳалокатга учради ва бунинг натижасида оғир жароҳатлар олди. Шифокорлар пойгачининг икки оёғини тиззасигача ампутация қилишга мажбур бўлганди.
Автоҳалокатдан бир неча йил ўтиб, Дзанарди паралимпиячилар мусобақасида иштирок эта бошлади. 2012 йили эса Лондондаги Паралимпия ўйинларида дебют ўтказиб, велопойга баҳсларининг 16 ҳамда 64 километр масофаларида олтин медалга сазовор бўлганди. Италиялик спортчи 16 сентябрь, жума куни ўтказиладиган баҳсларда Рио—2016 Паралимпия ўйинларининг яна бир медалига эга чиқиши мумкин.
Изоҳ (0)