Жанубий Корея президенти Пак Кин Хе 9 сентябрь, жума куни КХДР ядро қуроли синовини ўтказганини маълум қилди, деб ёзади «РИА Новости» «Рёнхап» агентлигига таяниб.
Пак Кин Хе таъкидлашича, бундай хатти-ҳаракатлари билан КХДР етакчиси Ким Чен Ин халқаро ҳамжамиятнинг барча даъватларини назар-писанд қилмаяпти, «васвасали жиннилик»ни намоён қилмоқда.
Маҳаллий вақт билан 09:30 атрофида (Тошкент вақти билан 05:30) КХДРда 5 магнитудали зилзила қайд этилди. Хитой сейсмология маркази, ўз навбатида, ушбу сейсмик ҳодиса портлаш бўлган бўлиши мумкинлигини маълум қилди.
Жанубий кореялик ҳарбийлар маълумотларига кўра, портловчи қурилма кучи 10 килотоннани ташкил этиши мумкин, бу январдаги портлаш кучидан қарийб икки баравар кўп демакдир (6 килотонна). Жанубий кореялик мутахассислар таъкидлашича, ахборот тасдиқланса, ушбу ядро синовлари КХДР тарихидаги энг йириги бўлади.