Ёввойи табиатнинг қарийб ўн фоизи сўнгги 25 йил давомида инсоният томонидан йўқ қилинди, қуруқликнинг бор-йўғи 23 фоизида эса табиатнинг кичик бўлса-да, инсон қўли тегмаган бўлаклари мавжуд, деб ёзади «РИА Новости» Current Biology журналига таяниб.
Австралиянинг Квинсленд университети ходими Жеймс Уотсон ва унинг ҳамкасблари ўтган асрнинг 90 йилларидан буён Ёввойи ҳайвонларни асраш жамияти (WCS) томонидан янгиланмаган, инсон қўли тегмаган табиат бурчаклари харитасини тузгач, шундай хулосага келди.
WCS ва Уотсон гуруҳи терминологиясидаги «ёввойи табиат зоналари» инсон қўли тегмаган ҳамда ўз био- ва экохилма-хиллигини сақлаб қолган табиий ландшафтлар ва экотизимлардан иборат катта ҳудудларни билдиради. У ерда инсоннинг йўқ бўлиши шарт эмас, аммо уларнинг табиат ҳаётига аралашуви минимал даражада бўлиши керак.
WCS’нинг аввалги ҳисоб-китобларига кўра, 1990 йиллар бошида Ердаги қуруқликлар умумий юзасининг 33 фоизи шундай зоналар билан қопланган эди. Уотсоннинг гуруҳи тўплаган янги маълумотлар эса ўтган 20—25 йил ичида ёввойи табиат зонасининг жуда катта қисми — бутун қуруқликнинг 9,6 фоизи йўқотилганини кўрсатди. Бу Австралиянинг ярми ёки АҚШнинг учдан бир қисмига тенг майдондир.
Ушбу талафотларнинг деярли барчаси иккита қитъа — Жанубий Америка ва Африка ҳиссасига тўғри келди, бунга ўрмон дарахтларининг кесилиши, қишлоқ хўжалиги ерларининг кескин кенгайиши ва аҳоли сонининг жадал суръатларда ошиши сабаб бўлди.
Аммо Ердаги инсонлар аралашувидан қонун орқали ҳимояланган кўплаб ҳудудлар бугунги кунгача ҳам қўл урилмаган ҳолда қолгани олимларга умид бағишламоқда.