Ҳиндистонлик эркин курашчи Йогешвар Датт россиялик Бесик Кудуховнинг Лондон–2012 Олимпиадасида қўлга киритилган кушум медалини олишни истамади ва соврин Кудуховнинг яқинларида қолиши кераклигини таъкидлади. Бу ҳақда «Рен-ТВ»га таяниб, TJournal хабар бермоқда.
Йогешвар бу ҳақда Twitter’даги саҳифасида маълум қилди ҳамда Кудухов ажойиб курашчи бўлганини айтиб, унга бўлган ҳурматини изҳор этди.
Медаль билан нима бўлиши ноаниқ. Олимпия қоидаларига кўра, медалдан маҳрум қилинган спортчи уни қайтаришни истамаса, қабул қилиб олувчига унинг дубликати берилади.
Бесик Кудухов 2013 йилнинг 29 декабрида, 27 ёшида автоҳалокатда вафот этган. Шу йилнинг 30 август куни марҳумнинг Лондон–2012 да олинган допинг намунаси ижобий чиққани ва у кумуш медалидан маҳрум қилиниши маълум бўлганди.
Изоҳ (0)