Ердаги энг қадимги ҳаёт излари Гренландиядаги тоғ жинсларидан топилди. Уларнинг ёши 3,7 миллиард йилга тенг, деб хабар беради «РБК».
Кашфиётни Австралиянинг Вуллонгонг университети олимлари амалга оширди.
Олимларнинг фикрича, тош қотган цианобактериал колонияларнинг топилиши ҳаёт ҳақидаги тасаввурларни ўзгартириб юбориши мумкин. Жумладан, улар Ер ҳали бўм-бўш сайёра бўлганида Марсда ҳаёт мавжуд бўлганини тахмин қилмоқда.
Тўрт сантиметр ўлчамдаги митти топилмалар — строматолитлар Гренландия жануби-ғарбидаги Исуа формацияда аниқланди. Бундай цианобактериал колониялар бугунги кунда тропик ва субтропик денгизларда учрайди.
Илгари энг қадимги ҳаёт излари Австралиядан топилган деб ҳисобланарди. Янги кашфиёт ҳаётнинг вужудга келиш санасини 220 миллион йил қадимийлаштириб, тирик организмларнинг вужудга келиши сайёраларнинг шаклланишидан қисқа муддат ўтиб содир бўлишини исботлайди.
Изоҳ (0)