Гватемала пойтахти — Гватемала шаҳри марказидаги шифохона яқинида номаълум босқинчиларнинг ўт очиши оқибатида 5 киши ҳалок бўлди, яна 3 нафари яраланди. Бу ҳақда Prensa Libre газетасининг сайтига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Гувоҳларнинг маълум қилишича, ҳужум уюштирганларнинг нишони жиноий тўдалардан бирининг етакчиси бўлган. У қамоқхонадан шифохонага ётқизилаётганди. Жиноий тўда етакчиси ва уни кузатиб борган соқчилардан бири ҳалок бўлди. Қолган қурбонларнинг шахси ҳозирча аниқланмаган.
Полиция воқеа юзасидан суриштирув ишларини олиб бормоқда. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари ичида қурол ва зирҳли нимча бўлган автомобилни топди.
Қайд этиш жоиз, Лотин Америкасида Гватемала жиноятчилик даражаси энг юқори мамлакатлардан бири саналади. Маҳаллий ОАВларнинг маълум қилишича, мамлакатда ҳар куни ўртача 15 та қотиллик содир бўлади.
Изоҳ (0)