Google компанияси янги Android 7.0 Nougat мобил операцион дастурини расман тақдим этди. Унга киритилган қатор ўзгариш ва янгиликлар дастурни барқарорлаштирди ва ресурслар харажатини қисқартирди, деб маълум қилади «Hi-Tech.Mail.ru».
Кенжа Nexus’дан ташқари, еттинчи Android’ни қимматроқ моделларга ҳам ўрнатса бўлади.
Ташқи кўриниши жиҳатидан Android 7.0 Nougat илгариги версиядан кам фарқланади, негаки асосий урғу тезкорлик ва барқарорликка берилган эди. Энг катта ўзгариш огоҳлантиришлар билан боғлиқ — улар бутун экран кенглигини эгаллаб, дастурга кўра гуруҳланади. Бундан ташқари, янги операцион дастурда огоҳлантиришлар интерфаоллигини таъминлайдиган API реализация қилинган.
Шунингдек, тезкор созламалар менюси оптималлаштирилди — уларни огоҳлантиришлар билан бирга очиш мумкин бўлади.
Android 7.0 да икки дастурни параллель равишда ишлатиш имконияти мавжуд. Функцияни фаоллаштириш учун кўп вазифалилик тугмасини ушлаб туриш талаб этилади.
Vulkan API тўғридан-тўғри график чип билан ишлаш имкониятини беради ҳамда фойдаланувчига визуал эффектларнинг катта кутубхонасини таклиф этади. У график чипга тушаётган юкламани камайтиради, бунинг натижасида смартфон тезлиги ошади. Илгарироқ Vulkan API фақат Samsung Galaxy S7, S7 Edge ва Samsung Galaxy Note 7 да бор эди.
Doze 2.0 қувватни тежаш технологияси илк бор Android 6.0 да тақдим этилган эди. Операцион дастур смартфон қачон ишлатилаётганини ва қачон ишлатилмаётганини фарқлаб, иккинчи ҳолатда ускунани кутиш режимига ўтказади. Экспертларнинг фикрича, иккинчи Doze аккумулятор ҳаётини 15–20 фоизга узайтиради.
Янги дастурий таъминотда фон режимида янгиланиш жорий этилди. Тизим ва дастурлар ускуна ўчириб ёқилганида яширин тарзда ўрнатилиши мумкин. Бурун эътирозларга сабаб бўлган «Дастурлар оптимизацияси» олиб ташланди.
Аммо бу функция барча ускуналарда ҳам бўлмайди, хусусан, Google Nexus смартфонларида у йўқ. Гап шундаки, фон режимида янгиланиш учун хотиранинг қўшимча бўлими лозим бўлади.
Бундан ташқари, эндиликда Android бошқарувидаги янги ускунага нафақат Google аккаунтидаги ёки бошқа Android-ускунадан, балки iPhone ва iPad’дан ҳам маълумот кўчирса бўлади.
Майда ўзгаришлар ҳам бор. Масалан, Android 7.0 Emoji Unicode 9 ҳамда 72 та янги эмодзи қўллаб-қувватланади, эмодзиларнинг умумий сони эса 1,5 мингга етди. «Камера» дастури ёрдамида ишлаб чиқарувчилар юз таниш тизимини яхшилади, виртуал реалликнинг қўллаб-қувватланиши ҳамда бузилган дастурлардан ҳимояни жорий этди. Интерфейс ва шрифт ўлчовларини энди алоҳида созлаш мумкин.
Android 7.0 дастлаб Nexus 6, 5Х, 6P, 9 смартфонларида, шунингдек, Nexus Player ҳамда Google Pixel C планшетида пайдо бўлади. Янгиланиш яқин ҳафталарда тўлқин шаклида тарқатилади. Бошқа смартфонларга янгиланиш етиб бориши муддатлари ишлаб чиқарувчиларга боғлиқ. LG V20 мусиқий флагмани сентябрда Android 7.0 дастурий таъминотида тақдим этилиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)