Осиё Чемпионлар Лигаси чорак финал дастлабки баҳсида БААнинг «Ал-Айн» жамоаси бугун, 23 август куни ўз майдонида ва Тошкентнинг «Локомотив» клубини қабул қилади. Учрашув олдидан ўтказилган матбуот анжуманида «Ал-Айн» бош мураббийи Златко Далич бўлажак ўйин борасида ўз фикрларини билдирди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати.
«Осиё Чемпионлар Лигаси биз учун жуда муҳим турнир ҳисобланади. Унда ғалаба қозонишни хоҳлаймиз. Рақибимиз ‘Локомотив’ миллий чемпионатида биринчи ўринда кетяпти. Уларда кучли жамоа шаклланган. Жамоани бу ўйинга тайёрлаш осон кечмади. Аввалига футболчиларим 20 кун БАА термаси ихтиёрида бўлди, фақат охирги ўн кундагина биз тўлиқ таркиб билан машғулот ўтказа олдик. Гол ўтказмасдан ғалаба қозонсак хурсанд бўлардим. Бунинг учун футболчилар бор куч билан ҳаракат қилиши, мухлислар эса тинмай қўллаб туриши керак бўлади. Ўйлайманки, ўйин пайтида мухлислар бизни ёлғиз қолдирмайди
Трансфер ойнаси давомида бразилиялик Кайо билан Амир Абдулраҳмонни сафимизга қўшиб олдик. Уларнинг иккаласи ҳам кучли футболчи ва ‘Ал-Айн’га ёрдам бера олади. Рақиб таркибида эса Сервер Жепаров бор ва у жуда кучли футболчи. ‘Локомотив’ аввалги босқичда ‘Ал-Ҳилол’ни ортда қолдирди. Бу ҳам уларнинг кучидан дарак беради. Муаммо шундаки, ‘Локомотив’ кетма-кет расмий ўйинларда майдонга тушяпти, бизда эса ҳали чемпионат бошлангани йўқ. Мен кўпроқ шундан хавотирдаман», – деди Златко Далич.
Маълумот учун, «Ал-Айн» – «Локомотив» учрашуви Тошкент вақти билан 20:30 да бошланади.
Изоҳ (0)