Тошкентда 8 дан 16 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида мамлакат чемпионатига саралаш мусобақаси бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Швейцарча тизимда етти турдан иборат мусобақада олтмишга яқин иштирокчи ўзаро баҳслашди. Қоидага кўра, ҳар бир ёш гуруҳида биринчи ва иккинчи ўринни эгаллаган шахматчилар шу йил декабрь ойида ўтадиган мамлакат чемпионатининг ярим финал баҳсларида қатнашиш имкониятига эга бўлади.
8 ёшгача бўлган ўғил-қизлар ўртасидаги баҳсларда олти шахматчи беш очкодан жамғарди. Қўшимча кўрсаткичлар бўйича пойтахтлик шахматчилар Шамсиддин Сайид Усмон биринчи, Абдулла Жўраев иккинчи, Саидназар Неъматжонов учинчи ўринни эгаллади.
10 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида тошкентлик Умархон Фахриддинхўжаев етти очко билан ғолибликни қўлга киритди. Унинг жамоадоши Фозилжон Бузрукхўжаев 5,5 очко билан иккинчи, фарғоналик Нозима Дилмуродова 4,5 очко билан учинчи бўлди.
12—16 ёшли шахматчилар баҳсида ҳам совринли ўринлар пойтахтлик шахматчиларга насиб этди. Абдузафар Абдумаликов 6 очко билан биринчи, Камронбек Қорабоев 5,5 очко билан иккинчи, Бобур Бобохўжаев 5 очко билан учинчи ўринни эгаллади.
Изоҳ (0)