Москвадан Хабаровскка кетаётган эркак текширув чоғида юклари орасида тротил борлиги ҳақида ҳазиллашгани боис полиция томонидан қўлга олиниб, рейсдан қолиб кетди. Бу ҳақда TJournal хабар бермоқда.
Полиция маълумотларига қараганда, воқеа 12 август куни Москванинг «Шереметьево» аэропортидаги D терминалида содир бўлган. Интроскоп текшируви чоғида номи келтирилмаётган эркакнинг юкларидан шубҳали буюмлар топилган. Хавфсизлик хизмати ходимларининг саволларига жавобан у ҳазил тариқасида сумкасида тротил борлигини айтган. Шу боис дарҳол полиция чақирилиб, эркак навбатчи қисмга олиб кетилган.
Юклар синчиклаб текширилганда у ерда портловчи моддалар йўқлиги аниқланган. Лекин йўловчи Хабаровск рейсига кеч қолиб, кейинги рейсда учиб кетган.
Полиция эркакни жавобгарликка тортиш-тортмаслик масаласини ўрганиб чиқмоқда.
Изоҳ (0)