Италиянинг Quotidiano Sportivo нашри бош муҳаррири Жузеппе Тасси 9 август, сешанба куни мақолага берилган таҳқирловчи сарлавҳа учун лавозимидан озод этилди. Мақола Рио-де-Жанейродаги Олимпиадада Италия аёллар терма жамоасининг камондан отиш бўйича бронза учун курашдаги мағлубиятига бағишланган эди, дея хабар бермоқда «РИА Новости».
8 август, душанба куни Quotidiano Sportivo «Бақалоқлар учлиги олимпия мўъжизасини бой бермоқда» сарлавҳаси остида мақола чоп этди. Мақола тўртинчи ўринни эгаллаган италиялик спортчи қизлар Гуэндалина Сартори, Лучилла Боари ва Клаудия Мандиянинг муваффақиятсизлиги ҳақида эди.
Мақола чоп этилиши биланоқ ижтимоий тармоқларда қизғин баҳслар бошланиб кетди. Кўпчилик ўқувчилар бундай сарлавҳани спортчиларни ҳақорат қилиш деб баҳолади. Шу муносабат билан Италия Камондан ўқ узиш федерацияси президенти Марио Скарцелла Тассига очиқ мактуб ёзди ва унда Олимпиада ўйинларида италиялик камончилар чиқишлари тарихида энг яхши натижани кўрсатган спортчиларга нисбатан ҳурматсизлик жиддий журналистикага мос келмаслигини маълум қилди.
Тасси журналистлар аёллар терма жамоаси аъзоларини хафа қилишни асло истамаганлиги, балки шу тариқа ўзининг дўстона муносабатини кўрсатмоқчи бўлганлигини тушунтириб, ўзини оқлашга уринди. Бироқ газетани чиқарувчи Poligrafici Editoriale нашриёт гуруҳининг раҳбари Андреа Риффезер Монти бош муҳаррирни зудлик билан лавозимидан озод этиш ҳақида қарор қабул қилди.
Изоҳ (0)