АҚШ Миллий хавфсизлик агентлигининг собиқ ходими Эдвард Сноуден манфаатларини ҳимоя қиладиган адвокат Анатолий Кучерена унинг, гўёки, Россияда вафот этганлиги ҳақидаги маълумотни рад этди, деб ёзади «РБК».
«Эдвард Сноуден мавзусида яна бир марта қуруқ муҳокамага дуч келмоқдамиз… Масъулият билан айтишим мумкинки, у соғ-саломат, Россияда яшаб, ўзининг севимли машғулоти, ўз иши билан шуғулланмоқда», — деди Кучерена.
Нашр эслатишича, 5 август куни Сноуден Twitter’даги саҳифасида сирли хабарлар қолдирди, улар кейинроқ ўчириб ташланди. Express ёзишича, улардан бирида шундай дейилган: «Мен билан бирга ишлаганмисиз? Биз 2013 йилдан буён гаплашиб келяпмизми? Илтимос, мен билан хавфсиз алоқа орқали боғланинг. Фурсат етди». Яна бирида эса 64 та белгидан иборат қандайдир код бўлган.
Бундан ташқари, 5 августдан буён Сноуден Twitter’да ҳеч қандай фаоллик кўрсатмади. Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари Сноуден эълон қилган хабарларни қизғин тарзда муҳокама қилиб, унинг қўлга туширилгани ёки ўлдирилганини тахмин қилди.
Изоҳ (0)