Швеция жанубидаги Мальмё шаҳри полицияси сўнгги ҳафталарда автомобилларнинг ёндириб кетилиш ҳолатлари ўсиб бораётганини қайд этди. 8 август куни кечаси Мальмёда олтита машина, шулардан 4 таси муҳожирлар йиғилган Русенгорд туманида ёндириб кетилди. Бу ҳақда SVT телеканалига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Ҳуқуқ-тартибот ходимлари жиноятни содир этган тартиббузарлар ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас.
7 августга ўтар кечаси Русенгорд туманининг Хордсвэг кўчасида бешта автомобиль, шу жумладан, кўп хонали уйда жанжал чиққани ҳақидаги ёлғон чақириққа етиб келган патруль машинаси ҳам ёниб кетди. Ҳуқуқ-тартибот ходимлари тартиббузарликда гумон қилинаётган 17 ёшли ўсмирни қидирмоқда.
«Сюдсвенскан» газетасининг ҳисоб-китобига кўра, сўнгги икки ҳафтада Русенгорд туманида 30 машина ёниб кетди.
Изоҳ (0)