«Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси Аргентина терма жамоаси сафида 2018 йили Россияда бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионатида иштирок этади. Бу ҳақда Аргентина президенти Маурисио Макри маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
«Месси Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этади ва жамоа етакчиси бўлади. Ишончим комил, у яна энг яхшиларидан бирига айланади. Месси Аргентинанинг буюк футболчиси ва у ўзини қулай ҳис қилиши учун ўз миннатдорчилигимизни кўрсатишимиз керак», – деди Макри.
Аргентина президенти аввалроқ ҳам 29 ёшли футболчининг мамлакат термаси сафига қайтишига ишонч билдирганди.
Эслатиб ўтамиз, Лионель Месси Чилига қарши (0:0, пенальтилар бўйича: 2:4) Америка Кубоги–2016 финалидаги мағлубиятдан сўнг терма жамоадаги иштирокини якунлашини эълон қилганди.
Мессини ўз фикридан қайтариш учун Буэнос-Айресда унга аталган ҳайкал ўрнатилди. Шунингдек, ушбу шаҳарда юзлаб аргентиналиклар Мессининг терма жамоага қайтишини сўраб акция уюштирган эди.
Маълумот учун, Аргентина терма жамоаси Месси билан тўртта – 2007, 2015 ва 2016 йилларда Америка Кубоги финалларида ҳамда 2014 йили Жаҳон чемпионати финалида имкониятни бой берганди.
Изоҳ (0)