Июль охирида Ўзбекистонда, хусусан, Тошкент шаҳрида нисбатан салқин ва ёмғирли ҳаво кузатилди. Айнан шундай ёмғирли кунларнинг бирида Facebook’даги «Водители Ташкента» гуруҳида фотосавол қолдирилди.
«Бу оқиб кетган нарса нима? Йўлга чизилган янги чизиқларми?», — деб савол қолдирган муаллиф, Нукус ва Ойбек кўчалари чорраҳасининг юқоридан олинган, ёмғир ёғаётган вақтдаги суратларини улашган. Суратларда йўлга оқ рангли нарса оқиб чиққанини кўриш мумкин.
Баъзи фойдаланувчилар муаллифнинг саволидаги таъкидни тасдиқлаб, «янги йўл чизиқлари, чизилганидан ҳеч қанча ўтмай, ўчиб кетишни бошлади», қабилида фикрлар билдирган.
Бироқ аксарият кўпчилик бу ифлослик ва чанг аралашмасидан иборат кўпик эканини ёзиб қолдирган. Кимдир буни автомобилларнинг ғилдираги ифлослиги билан изоҳлаган бўлса, баъзилар йўлнинг чанг экани сабаб шундай бўлишини айтган.
«Узоқ вақт ёғингарчилик бўлмай, бир ёмғир ёғса, йўлларда ҳар доим мана шундай кўпиклар пайдо бўлади», — деб ёзади фойдаланувчилардан бири. «Чанг, қум каби ифлосликлар бир жойга йиғилиб қолиб, уларнинг устига кучли зарб билан томчи тушса, у кўпиришни бошлайди», — деб қўшимча қилган «Водители Ташкента»нинг бошқа бир аъзоси.
Савол муаллифининг қайд этишича, эртаси куни эрталаб йўллар ювилиб, кўпиклардан тозаланган, янги чизилган йўл чизиқлари эса жойида қолган — ёмғир уларга таъсир кўрсата олмаган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарё’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)