Францияда Нормандия шаҳрининг Сент-Этьен-дю-Рувре черковини аввал гаровга олиб, сўнг руҳонийни ўлдирган террорчилардан бирининг қариндош акаси ҳибсга олинди. Бу ҳақда Париж прокуратураси маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Қўлга олинган 30 ёшли Нанси шаҳри фуқароси Фарид теракт уюштирилиши ҳақида маълумотга эга бўлганликда гумон қилинмоқда. Франция полицияси томонидан унга нисбатан 31 июль куни суд иши очилди. Террорчининг қариндошига террорчилик гуруҳи аъзоси бўлганликда айб қўйилмоқда.
«У (Фарид) зўравонлик ҳаракати қачон ва қаерда амалга ошишини билмаган бўлса-да, теракт ҳақида маълумотга эга бўлган», – дейилади прокутарура хабарида.
Бундан ташқари, террорчилардан бири билан таниш бўлган ҳамда у билан Сурияда ИШИД машғулотлар лагерида тайёргарлик ўтмоқчи бўлиш учун Туркияга борган 20 ёшли Жан-Филипп ҳам қўлга олинди. Прокуратуранинг қайд этишича, Жан-Филипп Сент-Этьен-де-Рувре черковига қилинган ҳужумга тўғридан-тўғри алоқадор эмас, аммо у вақтинча ҳибсга олинди.
Сент-Этьен-де-Рувре черковига 26 июль куни ҳужум уюштирилган эди. Ўшанда 19 ёшли икки террорчи Адель Кермиш ва Абдулмалик Петижан черковга бостириб кириб, руҳонийни ўлдирган ҳамда уч кишини яралаган. Иккала террорчи ҳам полиция томонидан ўлдирилганди.
Мазкур теракт учун жавобгарликни ИШИД экстремистик гуруҳи ўз зиммасига олганди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)