Мудофаа вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест марказининг қўшма қарори билан Муддатли ҳарбий хизматга чақирилаётган чақирилувчилар танловини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Norma хабар бермоқда.
Танловга чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этиш ҳуқуқига эга бўлмаган, соғлиғининг ҳолатига кўра ҳарбий хизматни ўташга яроқли деб топилган чақирилувчилар жалб қилинади.
Чақирилувчилар ҳар йилги танловда фақат бир марта иштирок этиши мумкин. Чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлигини аниқлаш бўйича синовлар 25 сентябрдан келгуси йилнинг 15 январигача мудофаа органлари томонидан, уларнинг билим даражасини аниқлаш бўйича тест синовлари эса 10 октябрдан келгуси йилнинг 15 январигача Давлат тест маркази томонидан ўтказилади.
Чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражаси 15 балли шкала бўйича баҳоланади.
Мудофаа ишлари бошқармалари умумжисмоний тайёргарлик синовлари натижаларидан норози бўлган чақирилувчилар рўйхатини шакллантириб, уларни навбатдаги умумжисмоний тайёргарлик синовларида синовдан ўтказади ва натижалари бўйича чақирилувчиларга ёзма равишда асослантирилган жавоб беради.
Тест имтиҳонлари математика, она тили ва Ўзбекистон тарихи фанларидан ўтказилади. Барча фанлар бўйича максимал – 60 балл йиғиш мумкин.
Қарор Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўпламининг 2016 йил 25 июлдаги 29-сонида расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди.
Изоҳ (0)