UzReport телеканали 9 август куни бўлиб ўтадиган «Реал» ва «Севилья» клублари ўртасидаги УЕФА Суперкубоги финалини тўғридан-тўғри трансляция қилади, деб хабар берди UzReport сайти.
Норвегиянинг Тронхейм шаҳрида бўлиб ўтадиган беллашув Тошкент вақти билан 23:45 да старт олади. UzReport эса трансляцияни бир соат аввалроқ бошлаб, ўйинолди барча жараёнларини намойиш қилишни режалаштирган.
Европа Лигаси финалида «Ливерпуль»ни мағлуб этган «Севилья» ўз тарихида бешинчи бор УЕФА Суперкубогида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритди. Мадриднинг «Реал» клуби ҳам Европа Суперкубогида бешинчи бор иштирок этади. Фарқи — «Реал» ҳар сафар нуфузи жиҳатдан Европадаги биринчи рақамли клублар мусобақаси — Европа Чемпионлар Лигасида зафар қучиб, Суперкубокда ўйнаш ҳуқуқини қўлга киритган.
Европа Суперкубоги учун ўйинлар ўтказиладиган Франциянинг Монако шаҳридан кейин УЕФА Прага (2013), Кардифф (2014), Тбилиси (2015) шаҳарларига ҳам имкониият тақдим этди. Уларнинг барчасида Европа Чемпионлар Лигасида зафар қучган клубларнинг қўли баланд келди. Норвегиядаги ўйинда ҳам бу ҳол такрорланса, Европа Лигаси ғолибининг кетма-кет таслим бўлиши борасида янги рекорд ўрнатилади.
Изоҳ (0)