Бразилиянинг собиқ президенти Луис Инасиу Лула да Силва 2018 йил мамлакатда бўлиб ўтадиган президентлик сайловида номзодлар орасида шуҳрат қозониш бўйича етакчилик қилмоқда. Бу ҳақда, Datafolha социологик марказининг маълумотларига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Ўтказилган сўровномага кўра, агар сайлов яқин кунларда бўлиб ўтганида, Лула да Силва номзодини 22 фоиз сайловчилар қўллаб-қувватлар эди. Унинг тахминий рақиблари камроқ овоз тўплаган бўларди. Сўровнома натижасига кўра, мухолифатчилар партияси етакчиси Марина Силвага 17 фоиз, «Бразилия социал-демократик партияси» раиси Аэсиу Невесга 14 фоиз, амалдаги Ташқи ишлар вазири Жозе Серрани 11 фоиз, Бразилия президенти вазифасини бажарувчи Мишель Темерга эса 5 фоиз бразилияликлар овоз берган бўларди.
Datafolha марказининг маълумотларига кўра, сайловнинг иккинчи турида Лула да Силва фамилиядоши Марина Силва ёки ташқи ишлар вазирига имкониятни бой бериши мумкин. Сўровнома марказ томонидан 14–15 июль кунлари ўтказилди. Унинг нуқсони 2 фоизни ташкил қилади.
Бразилия ҳокимиятини 2003–2011 йиллар давомида бошқариб борган 70 ёшли Лула да Силва 2018 йилда бўлиб ўтадиган сайловда «Меҳнаткашлар партияси»дан президентлик учун номзодлардан бири бўлиши мумкин. Аввалроқ у сайловда иштирок этиши мумкинлигини билдирган, аммо бу борада қарор қабул қилмаганини айтиб ўтганди.
Изоҳ (0)