Еврокомиссия Донбасс осмони устида MH17 рейсидаги Boeing самолёти қулаганининг икки йиллиги муносабати билан қисқа баёнот берди. Брюссель нуқтаи назарини Евроиттифоқнинг ташқи сиёсат бўйича олий вакили Федерика Могерини билдирди, дея хабар беради «РБК».
Ҳалок бўлганларнинг яқинларига ҳамдардлик билдирар экан, Могерини БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2166 резолюцияси асосида самолёт ҳалокатига бевосита ёки билвосита алоқадор барчани судга тортиш зарурлигини таъкидлади. Мазкур резолюция 2014 йил 21 июлда кенгашнинг барча 15 аъзоси, жумладан, беш доимий аъзо томонидан қабул қилинганди.
«Евроиттифоқ Бирлашган тергов гуруҳи фаолияти ва манфаатдор томонлар жиноий таъқиб этишнинг самарали механизмини жорий этиш юзасидан уринишларини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Текширувга ва айбдор шахсларни жиноий таъқиб этишга кўмак бериши мумкин бўлган давлатлар текширув доирасида кенг ҳамкорлик қилиши лозим», — дейилади баёнотда.
Россия ҳақида ҳужжатда аниқ-тиниқ ҳеч нарса билдирилмаган. Бир йил аввал айнан Россия вакиллари Хавфсизлик кенгашининг самолёт ҳалокати бўйича трибунал тузиш ҳақидаги резолюциясини қўллаб-қувватлашдан бош тортганди.
Изоҳ (0)