2016 йилнинг 12 июль куни Халқ таълими вазирлиги томонидан Мактабгача таълим муассасалари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш республика ўқув-методика Марказида мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари ўртасида «Йил тарбиячиси» кўрик-танловининг республика босқичи ўтказилди. Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Кўрик-танлов 4 босқичда ўтказилиб, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар бўйича ғолиб бўлган мактабгача таълим муассасаларининг 14 нафар тарбиячиси Республика босқичида иштирок этди.
Иштирокчилар якуний босқичда тест саволлари, бугунги кун тарбиячиси қандай бўлиши кераклиги тўғрисидаги тақдимоти, тарбияланувчилар билан очиқ машғулот ўтказиш, қўлда ясалган дидактик материалларни намойиш қилган ҳолда тарбияланувчилар учун эртак, ҳикоя ёки масаллардан парча ижро этиш шартларини бажарди.
Танлов натижаларига кўра Фарғона вилояти Қувасой шаҳридаги 28-МТМ тарбиячиси Зайнобиддинова Гуласал 1-ўрин, Самарқанд шаҳридаги 60-ММТМ тарбиячиси Қобилова Мунаввар 2-ўринни қўлга киритган бўлса, 3-ўринга Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги 259-МТМ тарбиячиси Олимова Муниса лойиқ деб топилди.
Ғолибларга вазирлик ва ҳамкор ташкилотларнинг дипломлари ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
Изоҳ (0)