Москванинг «Внуково» аэропортида содир бўлган авиаҳалокатда Франциянинг Total компанияси раҳбари Кристоф де Маржерининг ҳалок бўлиши юзасидан олиб борилаётган ишда жавобгар сифатида кўрилаётган шахсларнинг адвокатлари иш прокуратурага қайтарилишини сўради. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
Гумондорлардан бири — Роман Дунаевнинг адвокати Леонид Курагин берган маълумотга кўра, уларнинг сўрови туфайли суд ишнинг кўриб чиқилишини 15 июлга, маҳаллий вақт билан соат 11:00 га қолдирган.
Москванинг Солнцевск туман суди ишни 14 июль, пайшанба кунидан кўриб чиқа бошлаган эди. Жиноий иш бўйича аэродром ва диспетчерлик хизматлари ходимлари — диспетчер Надежда Архипова, парвозлар раҳбари Роман Дунаев, диспетчер Александр Круглов, етакчи муҳандис — фойдаланиш бўлими навбат раҳбари Владимир Леденев ва қор йиғиштириш машинаси ҳайдовчиси Владимир Мартиненко гумондор ҳисобланмоқда.
2014 йилнинг 21 октябрига ўтар тунда Франциянинг Total нефть-газ компанияси раҳбари Кристоф де Маржери хорижий инвестициялар бўйича консультацион йиғилишдан қайтаётган эди. Топ-менежер борти — Falcon ҳаво кемаси махсус техника автомобилига тегиб кетиб, олов олди ва қулади. Самолёт бутунлай ёниб кетди, ичкаридаги одамларни қутқаришнинг имкони бўлмади. Фожиа оқибатида Кристоф де Маржери ҳамда экипажнинг уч аъзоси ҳалок бўлди. Самолёт тегиб кетган қор кураш машинаси ҳайдовчисига зарар етмади.
Изоҳ (0)