Корея Республикасининг Угандадаги элчихонаси қуролли тўқнашувлар алангасида қолиб кетган Жанубий Судандаги ўз фуқароларини эвакуация қила бошлади. Бу ҳақда 14 июль, пайшанба куни ташкил этилган брифингда мамлакат ташқи ишлар вазирлиги вакили Чо Чжун Хек маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Унинг маълум қилишича, айни пайтда Жанубий Суданда 32 нафар кореялик фуқаро бўлиб, уларнинг кўпчилиги қолиш ниятини изҳор этган. 13 июль куни тўрт киши мамлакатни тарк этиб улгурган эди.
«Фуқароларимизнинг уч нафари Жанубий Судан пойтахти, асосий тўқнашувлар рўй бераётган Жубадан 400 километр нарида яшайди. Улар эвакуация сўраб мурожаат қилди», — деди ТИВ вакили.
Жанубий Кореянинг ушбу мамлакатдаги фуқароларининг аксарияти БМТ назорати остидаги ташкилотлар ишчилари ёки протестант миссионерларидир.
Жанубий Корея ҳукумати 2013 йилдаёқ фуқароларига ушбу мамлакатни тарк этишни тавсия қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Жубадаги тартибсизликлар 8 июль, жума куни мамлакат президенти Салва Киир тарафдорлари ва Риек Машарни қўллаб-қувватловчи собиқ исёнчилар ўртасида келиб чиққан эди.
Илгарироқ Ҳиндистон Жанубий Судандаги 500 фуқаросини зудлик билан эвакуация қилиши маълум бўлган эди.
Изоҳ (0)