Дунё доимий равишда ўзгариб бормоқда, аҳоли сони ўсмоқда, янги шаҳарлар қурилмоқда. Ушбу жараёнда баъзан эски шаҳарлар бўшаб қолиши ёки янги бошланган қурилишлар тўхтаб қолиб, «ўлик зона»лар пайдо бўлиши мумкин. Travel Ask мана шундай қисматни бошидан кечирган тўрт шаҳар ҳақида ҳикоя қилади.
Кангбаши
Хитойнинг шимолий қисмида бинокорлик ишлари авж палласига чиққан пайтда Кангбаши шаҳри қад кўтарди. Шаҳар 300 минг аҳолига мўлжаллаб қурилганига қарамай, у келажакда мегаполисга айланиши кутилаётганди.
Аммо молиявий инқироз туфайли у амалга ошмаган инвестиция лойиҳасига айланиб қолди. Қурувчилар осмонўпар биноларни бузиб, ерни сотиш ва шу йўл билан харажатларнинг бир қисмини қоплаш бўйича режалар тузиб юрибди.
Сесенья шаҳрининг чети
Испаниянинг Сесенья шаҳри четида миллиардер Франсиско Эрнандо улкан турар жой мажмуасини бунёд этди. Кўчмас мулкка талаб юқори бўлишига умид қилган миллиардер 13,5 минг хонадондан иборат улкан мажмуа яратди.
Унинг лойиҳаси Европа хусусий қурилишлари орасида энг йириги бўлди. Ҳукумат кўчмас мулк харидини тўхтатганида Эрнандо 2 минг хонадонни кредиторларга топширди. Туманда ичимлик суви, инфраструктура ва йўллар бўлмагани боис ҳукумат хонадонларни сотишга рухсат бермади. Бундан ташқари, миллиардер пора олиш ва солиқ тўлашдан бўйин товлашда айбланди. Шу туфайли тижоратчи қурилишни ташлаб, Экваториал Гвинеяга қочиб кетди.Кижондон
Шимолий Кореяда «пропаганда қишлоғи» номини олган Кижондон шаҳри жойлашган.
Кижондон қўшни Жанубий Кореядан кўринадиган ягона аҳолижойдир. Уйлар номигагина қад кўтарган бўлиб, уларнинг ичида хоналар йўқ, чироқлар эса аниқ белгиланган вақтда бинонинг муайян қисмларида ёнади. Баъзан бу ерда қурувчиларни, ҳарбийларни, деразаларни ювишга келган аёлларни кўриш мумкин. Қишлоқ қурилишидан ягона мақсад — жанубий қўшниларга Шимолий Кореянинг «чиройли» ҳаётини кўрсатишдир.Киламба
Ангола пойтахти Луандадан 30 километр нарида Хитойнинг Мол-мулкни бошқариш бўйича халқаро инвестицион корпорацияси Киламба шаҳри қурилишини бошлаб юборди. У ерда ярим миллион аҳоли яшаши кўзланган эди. Бу ерда юздан ортиқ савдо марказлари ва бир неча ўн мактаблар қуриб битирилди.
Қурилиш ишлари тугаганидан сўнг корпорация фақат 220 хонадонни сотишга муваффақ бўлди. Бунинг сабаби — Ангола аҳолининг жуда оз қисми бу каби янги шаҳарларда янги хонадон сотиб олишга қодир.
Изоҳ (0)