Флорида штати (АҚШ) фуқароси iPhone телефонини Apple’дан олдинроқ яратганини даъво қилиб, компанияни судга берди. Бу ҳақда The New York Daily News нашрига асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Ихтирочи Томас Росс 1992 йилда чизилган нухсаларни судга тақдим қилиб, янги технологиялар бозоридаги инқилобий қурилмани Стив Жобсдан (Apple’нинг собиқ раҳбари) аввал ўйлаб топганини исботламоқчи. Америкалик ихтирочи компаниядан унинг «ғоясини ўғирлагани» ҳамда унга «пул билан ўлчаб бўлмайдиган катта зарар етказгани» учун камида 10 миллиард доллар товон пули тўлашини талаб қилмоқда. Шунингдек, даъвогар компаниянинг савдо ҳажмидан 1,5 фоизи гонорар сифатида тўланишини талаб қилди.
1992 йилда Томас Росс ўз ихтиросини ERD (Electronic Reading Device), яъни «ўқиш учун электрон қурилма» номи остида патентлаштирган. Унинг шакли ҳақиқатдан ҳам iPhone’га ўхшайди: тўртбурчак шаклидаги гаджетнинг асосий қисмини экран ташкил этади. Бироқ америкалик муҳандис ўз ихтиросини патентлаш учун дастлабки тўловни амалга оширмаган. Унинг патент иши 1995 йилда ёпилган. 12 йилдан сўнг, Стив Жобс оммага биринчи iPhone’ни тақдим қилганида, Росс АҚШ патентлаш идорасини унинг ихтиросини тан олмагани учун судга берди.
Apple компаниясининг ҳуқуқшуноси Жеффри Ласкер бундай шикоятлар «асоссиз ва объектив исботга эга эмас» деб ёзма равишда билдиришнома берган.
Изоҳ (0)