Канаданинг Торонто шаҳридаги (Онтарио провинцияси) тезкор трассалардан бирида 12 та автомобилнинг тўқнашиб кетиши оқибатида беш киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда 25 июнь, шанба куни CBC телеканали маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Полициянинг маълум қилишича, уч нафар катта киши ва икки нафар бола қурбон бўлган. Яна икки киши жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган. Шифокорлар уларнинг ҳаёти хавф остида эмаслигини қайд этмоқда.
Торонто полицияси сержанти Керри Шмидтнинг маълум қилишича, «баъзи автомобилларга шунчалик шикаст етганки, уларни таниб бўлмайди». Авария сабаблари аниқланмоқда.
Дастлабки маълумотларга қараганда, енгил автомобиль номаълум сабабга кўра юк машинасининг орқасидан урилган, шундан сўнг яна бир нечта машина билан тўқнашган.
Изоҳ (0)