АҚШнинг Калифорния штати марказий қисмида бир неча кундан бери давом этаётган табиий ёнғин 150 дан ортиқ уйни йўқ қилди, камида икки кишини ҳаётдан олиб кетди. Бу ҳақда 25 июнь, шанба куни округ ёнғинга қарши мудофаа хизмати вакили Керн Энтони Ромеро маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Унинг сўзларига қараганда, Лейк-Изабелла шаҳридаги бир нечта турар-жой кварталлари деярли тўлиқ ёниб кетган. Олов тарқалаётган ҳудуд яқинида жойлашган 2,5 мингга яқин уйга ёнғин таҳдид қилмоқда, уларнинг аҳолиси эвакуация қилинган. Ромеронинг маълум қилишича, ёнғин билан курашиш учун мингдан ортиқ ўт ўчирувчи сафарбар этилган.
Оловни ўчиришга ҳудуддаги қуруқ ҳаво ва доимий шамол халақит бермоқда. Associated Press агентлигининг маълум қилишича, олов ичида қолган уйдан чиқа олмаган кекса эр-хотин ҳалок бўлган.
Калифорнияда охирги ҳафта давомида ёнғин туфайли минглаб одамлар ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Ўт ўчирувчиларнинг ҳаракатлари туфайли бир қатор ҳудудларда оловнинг тарқалиши қисман тўхтатилган. Ёнғин, шунингдек, Юта ва Аризонада ҳам қайд этилиб, у ерда юзлаб одам эвакуация қилинган.
Изоҳ (0)