Шу кунларда расмий сафар билан Арманистонда бўлиб турган Рим папаси Франциск ўз чиқишида арманилар геноцидини кескин қоралади. «РБК»нинг Reuters’га асосланиб билдиришича, понтифик учун тайёрланган нутқ матнида арманилар геноциди ҳақидаги сўзлар йўқ эди, аммо унинг ўзи бунга тўхталиб ўтишга қарор қилди.
Арманистон президенти Серж Саргсян ва дипломатик корпусга йўлланган мурожаатда у даставвал тарихий воқеанинг арманча номи — «Мец Егерн»ни қўллади, аммо кейинроқ «геноцид» сўзини ҳам тилга олди.
«Мазкур ҳолатда ушбу сўзни қўлламасликка сабаб йўқ, — деб тушунтирди Ватикан матбуот котиби Федерико Ломбарди. — Реаллик шунақа, ва биз буни ҳеч қачон инкор қилмаганмиз».
Ҳозирча расмий Анқара бунга муносабат билдирмади. Ўтган йили шу каби баёнотдан сўнг Туркия элчиси Ватикандан 10 ойга чақириб олинган эди.
Маълумот учун, Туркия 1915 йилда Усмонли салтанати ҳудудида содир бўлган воқеаларни геноцид деб тан олишдан бош тортади.
Эслатиб ўтамиз, папанинг Арманистонга сафари 26 июнга қадар давом этади.
Изоҳ (0)