Францияда давом этаётган Европа Чемпионатида гуруҳ босқичига расман якун ясалди ва нимчорак финалга йўлланма олган 16 терма жамоанинг номи маълум бўлди.
Мусобақанинг «E» гуруҳи 3-турида Италия терма жамоаси Ирландиядан 0:1 ҳисобида енгилди. Гуруҳ пешқадамлигини 2-турдан кейиноқ ҳал этиб қўйган Италия беллашувга иккинчи таркиби билан чиқиб келди ва гуруҳ босқичини 9 очко билан якунлаган ягона жамоага айланиш имкониятини қўлдан чиқарди.
Роберт Брэдининг 85-дақиқада киритган ягона голи Ирландия терма жамоасини нимчорак финалнинг сўнгги иштирокчисига айлантирди. Натижада Туркия терма жамоаси Евро—2016 билан хайрлашишга мажбур бўлди.
Қайд этиш керак, гуруҳ босқичини 3-ўринда якунлаган Албания ва Туркия терма жамоалари 6 та гуруҳда сўнгги поғонадан жой олган термаларга қўшилиб, Европа Чемпионатини тарк этди.
«E» гуруҳидаги иккинчи беллашувда Швеция терма жамоаси Бельгияга имкониятни бой берди. Раджа Найнгголаннинг 84-дақиқада киритган ягона голи учрашув тақдирини ҳал этди.
Шу тариқа Италия ва Бельгия термалари 6 очко, Ирландия 4, Швеция эса 1 очко тўплашга муваффақ бўлди.
Европа Чемпионатининг нимчорак финалига йўл олган жамоалар билан танишинг: Франция, Швейцария, Уэльс, Англия, Словакия, Германия, Польша, Шимолий Ирландия, Хорватия, Испания, Италия, Бельгия, Ирландия, Венгрия, Исландия ва Португалия.
[wpse_match id="351467" show_title=1]
[wpse_match id="351469" show_title=1]
Изоҳ (0)