Франция мезбонлигидаги Европа Чемпионатининг «D» гуруҳида иштирок этаётган Туркия терма жамоаси 3-турга келибгина гол уришни уддалади ва бу голлар жамоада нимчорак финал учун имконият ҳосил қилди.
Дастлабки икки турда 4 та тўп ўтказиб юборган Туркия Чехияга қарши беллашувнинг 10-дақиқасига келиб Бурак Йилмазнинг голи билан олдинга чиқиб олган бўлса, 65-дақиқада Ўзан Тўфон Петр Чех дарвозасига иккинчи тўпни киритди — 2:0.
Туркия термасининг 3-ўриндаги кўрсаткичи «А» гуруҳи иштирокчиси Албанияникидан яхши. «E» ёки «F» гуруҳларида 3-ўринни қўлга киритган термалардан бирининг натижаси Туркияникидан ёмонроқ бўлса, Чехияни таслим қилган турклар ҳам нимчорак финалда тўп суради.
Туркиянинг ўз гуруҳида 3-ўринни қўлга киритиши «C» гуруҳи вакили бўлмиш Шимолий Ирландияни автоматик равишда гуруҳдан олиб чиқди.
«D» гуруҳидаги иккинчи ўйинда Хорватия терма жамоаси Испанияни таслим қилди — 2:1. Учрашувда ҳисоб 7-дақиқага келиб Алваро Мората томонидан очилди. Бу голи билан Мората тўпурарлар пойгасида 3 та гол билан пешқадам бўлиб турган Гарет Бэйлга етиб олди.
Биринчи бўлим якунига 1 дақиқа қолганида Никола Калинич ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлди. Бу борада «Фиорентина» клуби аъзоси «Интер»даги шериги Иван Перишичдан пас қабул қилиб олганди.
72-дақиқага келиб бош ҳакам хорватлар дарвозаси томон пенальти белгилади. Тўп ёнига яқинлашган Серхио Рамоснинг зарбасини дарвозабон Даниэл Субашич қайтаришга эришди.
87-дақиқага келиб Лука Модричсиз ҳаракат қилган Хорватия ўз иродасига эвазига ғалабани илиб кетди. Иван Перишич чап қанотдан қочиб бориб, Давид Де Хеа дарвозасига йўл топди.
Шу тариқа Хорватия «D» гуруҳини 7 очко билан пешқадам сифатида якунлади. Испания 6, Туркия 3, Чехия эса 1 очко тўплашга эришди.
Евро—2016 да гуруҳ босқичини 9 очко билан якунлаш учун эндиликда фақат Италия терма жамоасида имконият бор. Бунинг учун Антонио Конте жамоаси 22 июнь куни Ирландия устидан зафар қучиши керак бўлади.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарё’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
[wpse_match id="351463" show_title=1]
[wpse_match id="351464" show_title=1]
Изоҳ (0)