Маҳсулотлар танқислиги, инфляциянинг ошиб бориши ва давлат даромадларининг камайиши билан тавсифланадиган бир вазиятда Венесуэла аҳолиси овқат қидириб топиш учун ноилож чоралар кўришга мажбур бўлмоқда, деб ёзади «Газета.ru» The New York Times’га таяниб.
Хабарларга кўра, сўнгги икки ҳафта ичидаёқ мамлакатда озиқ-овқат туфайли 50 дан ортиқ қўзғолон, норозилик ва оммавий талончиликлар амалга оширилган. Ўнлаб корхоналар ўмариб кетилган ёки йўқ қилинган, камида беш киши ўлдирилган, улар орасида тўрт ёшли қизча ҳам бор.
NYT мақоласида айтилишича, Венесуэлада озиқ-овқат қуролли соқчилар назорати остида етказиб берилади. Аскарлар новвойхоналарни қўриқлаб туради, полиция эса озиқ-овқат дўконлари ва дорихоналарга шиддатли ҳужум уюштираётган оломонни тарқатиш учун резина ўқдан фойдаланади.
Нашр келтирган статистика бўйича, венесуэлаликларнинг 87 фоизи етарли миқдорда озиқ-овқат сотиб олиш учун пулга эга эмас, ойлик маошнинг 72 фоизга яқини эса фақат овқатга ишлатилади. Одамлардан улар қачон охирги марта овқатлангани ҳақида сўралса, кўпчилик бугун ҳали ҳеч нарса емаганини айтади.
Ўз навбатида, Венесуэла президенти Николас Мадуро дўконларга ҳужумлар ортида социалистни ҳокимият тепасидан ағдариш бўйича референдум ўтказиш учун курашаётган мухолифат турибди, деб ҳисоблайди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарё’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)