Миср авиацион ҳодисаларни тергов қилиш қўмитаси шу йилнинг май ойида ҳалокатга учраган, EgyptAir авиакомпаниясига тегишли A320 самолётининг «қора қути»лари устида иш бошлади. Бу ҳақда, Reuters’га асосланиб, «РБК» хабар бермоқда.
Мисрлик мутахассислар франциялик ва америкалик ҳамкасблари билан биргаликда ишламоқда.
Иккала борт ўзиёзарларидан хотира блоклари ажратиб олинган бўлиб, улар саккиз соат давомида ҳарбий базада қуритилди. Айни пайтда блоклар электрик синовлардан ўтказилмоқда. Шундан сўнг маълумотларни чиқариб олиш бошланади.
Эслатиб ўтамиз, Париждан Қоҳирага MS804 рейсини амалга ошираётган A320 самолёти Қоҳира аэропортига қўнишига тахминан 35 дақиқа қолганда, эндигина Миср ҳаво ҳудудига кирганда радарлар экранидан йўқолган эди. Кейинроқ унинг бўлаклари Грециянинг Карпатос оролларидан топилди.
17 июнь куни самолётнинг иккинчи ўзиёзари юзага олиб чиқилди.
Изоҳ (0)