Францияда давом этаётган Европа Чемпионатининг «E» гуруҳида 2-тур ўйинлари ўз якунига етди. 17 июнь куни Италия терма жамоаси Швеция устидан минимал ҳисобда зафар қучган бўлса, 18 июнга келиб Ирландия Бельгияга йирик ҳисобда имкониятни бой берди.
Бельгия ва Ирландия ўйинининг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади. Ҳисоб очилгандек кўринган вазиятда туркиялик Жунай Чақир ўйиндан ташқари ҳолатни пайқаб, голни инобатга олмади.
Иккинчи таймнинг учинчи дақиқасида Ромелу Лукаку Бельгиянинг Евро—2016 даги илк голига муаллифлик қилди. Қайд этиш керак, Бельгия терма жамоаси сафида майдонга тушган футболчилар аввалги қитъа чемпионатларида иштирок этмаганди.
61-дақиқага келиб Аксель Витсель ирландлар дарвозасига киритилган иккинчи голга муаллифлик қилди. 70-дақиқада эса Ромелу Лукаку дублга эришиб, ҳисобни йирик кўринишга олиб келди. Қарши ҳужумда фаол иштирок этган Эден Азар майдоннинг ярмидан кўпроғини босиб ўтиб, Лукакуни голли пас билан таъминлаганди.
Шу тариқа «Эвертон» футболчиси Евро—2016 да дублга эришган Альваро Моратадан кейин иккинчи футболчига айланди. Шунингдек, Димитри Пайет, Гарет Бэйл, Богдан Станку каби футболчилар ҳисобида ҳам 2 тадан гол бор.
2-турдан кейин Италия терма жамоаси 6 очко билан «E» гуруҳини бошқариб турибди. Бельгия ҳисобида 3, Швеция ҳамда Ирландияда 1 тадан очко бор.
[wpse_match id="351447" show_title=1]
Изоҳ (0)