Футбол бўйича Хорватия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Иван Ракитич Чехияга қарши Евро–2016 гуруҳ босқичи ўйинида ўз мамлакати мухлисларининг тартибсизлиги туфайли жамоа турнирдан четлаштирилиши мумкин эканини истисно этмаяпти. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Чехия ва Хорватия ўртасидаги 2-тур учрашуви кеча, 17 июнь куни Сент-Этьен шаҳрида бўлиб ўтди ва 2:2 ҳисобида якунланди. 86-дақиқада хорватиялик мухлислар майдонга петардалар улоқтиргани ва трибунада муштлашув келтириб чиқаргани учун ўйин бир неча дақиқаларга тўхтатилганди.
«Кўрамиз, Испанияга қарши ўйнай оламизми, йўқми. Балки, уйга кетишимизга тўғри келар», – деди Ракитич.Хорватия термасининг бошқа бир футболчиси Иван Перишич ҳам бу борада қуйидагича фикр билдирди: «Бундай воқеа бўлганидан кўра, биз бу ерга келмаганимиз яхши эди».
«Бир нима дейишга тил ожиз. Бундай ҳолатлар такрор ва такрор бўлмоқда», – дея қўшимча қилди Хорватия термаси сардори Дарио Срна.
Шунингдек, Хорватия президенти Колинда Грабар-Китарович Чехияга қарши ўйинда майдонга петарда улоқтирган мухлислар қилмиши учун жазо олишини айтди.
«Балли, хорватиялик мухлислар! Сизлар эса, жамоа ва мамлакатни ёмон кўрадиган Хорватия душманлари қилмишинглар учун жазо оласиз», – деб ёзди Грабар-Китарович Facebook’даги саҳифасига.
Европа футбол уюшмалари иттифоқи (УЕФА) 18 июнь, шанба куни Хорватия футбол иттифоқига нисбатан интизомий иш очади.
Аввалроқ россиялик мухлисларнинг Марсель шаҳрида келтириб чиқарган тартибсизлиги туфайли Россия футбол иттифоқи 150 минг евро миқдорида жаримага тортиб, терма жамоани Евро—2016 турниридан шартли равишда четлаштирганди.
Изоҳ (0)