Татаристонда 14 ёшли ўсмир Мёша дарёсида чўмилаётган 9 яшар болакайни қутқармоқчи бўлиб, ўзи чўкиб кетди. Бу ҳақда республика ФВВга таяниб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
«Пестречинск туманидаги Мёша дарёсида 16 июнь куни Кулаев ўрта мактабининг 14 ёшли ўқувчиси чўкаётган 9 яшар болакайни қутқармоқчи бўлиб, ўзи чўкиб кетди», – дейилади ФВВ баёнотида.
Нохуш воқеа гувоҳлари сўроқ қилингач, 9 ёшли болакай дарёда бир ўзи, ота-онаси назоратисиз чўмилаётгани маълум бўлди. Қирғоқда ёрдам овозлари этишилгач, 14 ёшли ўсмир ўзини дарёга ташлади. У чўкаётган болакай олдига келганидан сўнг, 9 ёшли бола саросимада ўсмирни чўктира бошлаган.
«Кўнгилсиз воқеани икки нафар эркак кўриб қолди. Дастлаб, сув сатҳида бўлгани учун улар болакайни қирғоққа олиб чиқди. Кейин ўсмирни сувдан олиб чиқиш учун қайтган эркаклар уни тополмади», – деб аниқлик киритди республика ФВВ.
Мёша дарёсининг ҳар икки соҳилида кўнгиллилар томонидан ташкил қилинган қидирув ишлари самара бермади. Воқеа содир бўлганидан икки соат ўтиб, ғаввослар ўсмирнинг жасадини 4 метр чуқурликда топди.
Изоҳ (0)