Россия ва АҚШ ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми Россия ташқи савдо айланмаси кўрсаткичларига нисбатан анча секин тушиб бормоқда. Шу боис АҚШнинг Россия билан савдо шерикчилигидаги улуши ўсмоқда. Буни Россия Федерал божхона хизмати келтирган 2016 йил январь–апрель маълумотлари кўрсатмоқда, деб хабар беради «РБК».
Жорий йилнинг дастлабки тўрт ойидаги кўрсаткичлар ўтган йилнинг шу даври билан қиёсланса, Россия ташқи товар айланмаси доллар ифодасида 25 фоизга тушиб, 133,6 миллиард долларни ташкил этган кўринади. АҚШ билан савдо ҳажми эса 20 фоизга камайиб, 5,47 миллиард долларни (Россия умумий савдо ҳажмининг 4,1 фоизи) ташкил этди.
Бир йил муқаддам АҚШ билан савдо ҳажмининг ҳажми каттароқ эди — 6,82 миллиард доллар, аммо улуш ҳисобида камроқ эди — 3,8 фоиз.
Шу тариқа, АҚШ бир йил давомида Россиянинг асосий савдо шериклари рўйхатида еттинчи ўриндан бешинчи ўринга кўтарилиб, Япония ва Туркиядан ўзиб кетди ҳамда Италияга яқинлашди.
Изоҳ (0)