Бутун Россия мухлислар уюшмаси раҳбари Александр Шпригин россиялик мухлисларнинг расмий гуруҳи, шу жумладан, икки нафар аёл Франциядан депортация қилиниши ҳақида маълум қилди, деб хабар бермоқда TJournal.
«Биз россиялик мухлисларнинг расмий гуруҳимиз. Автобусда фан-клублар раҳбарлари ўтирибди. Ҳамма депортация қилинади!», – дея ёзади Шпригин Twitter’даги саҳифасида.
«Марселда бўлиб ўтган тартибсизликларда гуруҳнинг ҳеч бир аъзоси қўлга олинмаган, лекин 3 кундан сўнг Бутун Россия мухлислар уюшмаси расмий гуруҳи депортация қилинмоқда», – деб қўшимча қилди Шпригин.
Россия Спорт вазири Виталий Мутко Бутун Россия мухлислар уюшмаси билан алоқада эканини таъкидлади ва керак бўлса, вазирлик вакили воқеа жойига бориб, вазиятни ҳал қилишини айтди.Аввалроқ Шпригин Twitter’даги саҳифасида ишқибозлар тўпланган автобус Франция махсус кучлари томонидан ўраб олинганини маълум қилганди. Унинг сўзларига қараганда, текширув Франция Ички ишлар вазири ташаббуси билан амалга оширилди. Автобус ўраб олинган жойга Канн шаҳри мэри етиб келган.
Эслатиб ўтамиз, 12 июнга ўтар кечаси Марсель шаҳрида бўлиб ўтган Евро—2016 турнири доирасидаги Россия — Англия (1:1) учрашувидан сўнг икки жамоа мухлислари ўртасида тўқнашув юзага келди. Натижада бир неча киши жабрланди.
12 июнь куни УЕФА Россия футбол иттифоқига нисбатан интизомий иш очганди. Иттифоққа нисбатан қўлланиладиган санкциялар борасида қарор бугун, 14 июнь куни қабул қилинади.
Изоҳ (0)