Ўртаер денгизида ҳалокатга учраган Мисрнинг A320 йўловчи самолёти фожиадан бир дақиқа аввал ҳавода тўлиқ бурилган. Бу ҳақда ҳалокатни суриштириш бўйича комиссия маълум қилди, деб хабар бермоқда «РИА Новости».
Миср қуролли кучлари радарларининг маълумотларига қараганда, самолёт ҳалокатдан аввал йўналишни чапга бурган, сўнг ҳавода тўлиқ айланган. Ҳалокатни ўрганаётган комиссия ушбу маълумот грек ва британиялик мутахассислар томонидан тақдим этилган маълумотга тўлиқ мос келишини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Париждан Қоҳирага қараб учаётган EgyptAir авиакомпаниясига қарашли самолёт 19 май тонгида радарлардан ғойиб бўлган эди. Унинг бортида 66 киши бўлган. Кейинроқ Миср маъмурлари A320 лайнери қулаган ердан аниқланган инсон қолдиқлари суд-тиббиёт экспертизаси натижалари бортда портлаш рўй берганидан далолат беришини маълум қилган эди.
Изоҳ (0)