Саудия Арабистони ҳукумати 2020 йилгача нефтдан ташқари даромадларини уч баробарга кўпайтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 7 июнь, сешанба куни тақдим этилган миллий ислоҳот режасида сўз юритилган, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Тарқатилган ҳужжатда кўрсатилишича, нефтдан ташқари соҳалардаги давлат даромадлари 2020 йилга келиб 530 миллиард риал (141 миллиард доллар)га етиши керак. Ҳозирги пайтда ушбу кўрсаткич 163,5 миллиард риал (43,6 миллиард доллар)ни ташкил этади.
Нефть қазиб олиш даражаси ҳозирги кўрсаткичда — суткасига 12,5 миллион баррель миқдорида сақланиши кутилмоқда.
Бироқ табиий газ ишлаб чиқариш 339,8 миллион куб метрдан 504 миллионга ошиши кутилмоқда. Шу билан бирга ҳукумат нефтни қайта ишлаш ҳажмини суткасига 2,9 миллион баррелдан 3,3 миллион баррелгача кўпайтиришни режалаштирмоқда.
Миллий ислоҳот режаси жами 543 та лойиҳа ва ташаббусни ўз ичига олиб, уларни амалга ошириш учун 270 миллиард риал (72 миллиард доллар) керак бўлади. Бундан ташқари, хусусий компаниялар 300 миллиард риал (80 миллиард доллар) инвестиция киритади. Натижада хусусий секторда 450 мингдан ортиқ иш ўрнини яратиш режалаштирилмоқда.
Изоҳ (0)