Россиялик ҳарбийлар Қирғизистондаги машқлар давомида шартли террорчиларни йўқ қилди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ расмий вакили полковник Ярослав Рошчупкин маълум қилди, дея хабар бермоқда «РИА Новости».
«Россиянинг Қирғизистон ҳудудидаги ‘Кант’ авиабазаси ҳарбий хизматчилари жанговар тайёргарликни текшириш чоғида учиш-қўниш майдони ва техника қўйиладиган манзил яқинида техник воситалар ёрдамида аниқланган ва яхши қуролланган моторлаштирилган ‘жиноий гуруҳ’ни йўқ қилди. Ҳарбийлар вертолётлар ва зирҳли машиналар ҳимояси остида шартли душманни мудофаага ўтишга мажбурлади, махсус гуруҳ эса ташаббус ва ҳаракатчанликни йўқотган ‘террорчилар’ни бартараф этди», — дея таъкидлаган Рошчупкин.
Маълумот учун, Россиянинг «Кант» авиабазаси Жамоавий хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ЖХШТ) давлатлари ҳудуди ва ҳаво чегаралари хавфсизлигини таъминлашда иштирок этади. Учувчилар Су-25 самолётлари ва Ми-8 вертолётлари билан таъминланган.