Франция темир йўллари миллий жамияти (SNCF) ишчиларининг мамлакат марказий минтақаларидаги тошқинлар шароитида иш ташлаш ўтказаётгани «таажжуб уйғотмоқда». Бу ҳақда бош вазир Мануэль Вальс Эссон департаментидаги сув остида қолган шаҳарлардан бирига ташрифи чоғида маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
Бош вазирга кўра, иш ташлаш ўтказаётганлар ҳаракатларини тўхтатиб, маҳаллий аҳоли билан бирдамликни намойиш этиши, шаҳар атрофи электр поездлари меъёрда фаолият кўрсатишини таъминлаши лозим. «Барчани масъулиятни ҳис этиш, иш ташлашни имкон борича тезроқ тўхтатишга чақираман. SNCF раҳбарияти билан баҳсга киришамиз, раҳбарият ва касаба уюшмалари ҳам мулоқотда бўлади. Жала ва тошқинлардан азият чекаётган Марказ ёки Иль-де-Франс йўловчиларини жазолаш мутлақо ўринсиз», — дея таъкидлаган Вальс.
Иш шароитлари яхшиланишини талаб қилаётган француз темир йўллари ходимлари иш ташлаши 31 май куни бошланди. Бу туфайли ўтган ҳафта давомида шаҳар атрофи, минтақалараро ва тезкор поездларнинг кўплаб йўналишларида хизмат кўрсатиш тўхтатилди. SNCF ва касаба уюшмалари билан музокаралар эса бир неча ойдан бери давом этмоқда.