АҚШнинг Миллий жамоатчилик радиоси (NPR) журналисти Дэвид Гилки ва унинг таржимони Забиҳулла Таманна Афғонистонда ўлдирилди, дея хабар бермоқда «ТАСС» радиостанция матбуот хизматига таяниб.
«Уруш дарди ва гўзаллигини қайд этган NPR журналисти Дэвид Гилки Афғонистонда 5 июнь, якшанба куни маҳаллий таржимон Забиҳулла Таманна билан ўлдирилди», — дейилади баёнотда.
Аниқлик киритилишича, радиостанция ходимлари Афғонистон армияси бўлинмаси билан бирга ҳаракатланаётган вақтида ўқ ёмғири остида қолган.
Гилки ва Таманна билан бирга NPR’нинг яна икки журналисти бўлган, уларга зарар етмаган.
Гилки Афғонистон ва Ироқ, шунингдек, Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатларни ёритган, Жанубий Африка, Сомали ва Либерияда ҳам ишлаган.