Қозоғистон ғарбидаги Ақтўбе шаҳри ҳукумати террорчилик хавфининг энг юқори — «қизил» даражасини эълон қилди; аҳолига тегишли ахборотдан иборат SMS-билдиришномалар келмоқда, деб ёзади «РИА Новости».
5 июнь, якшанба куни Ақтўбе шаҳрининг учта туманида отишма юз берди: номаълум шахслар иккита қурол дўкони ва ҳарбий қисмга ҳужум қилди. Махсус операциялар чоғида тўрт жиноятчи йўқ қилинди, яна етти киши қўлга олинди.
Қозоғистон ИИВ маълумотларига кўра, теракт натижасида уч нафар фуқаро ва уч ҳарбий ҳалок бўлди, ўн киши яраланди.
Таъкидланишича, «қизил» даража бир нечта ҳолатларда эълон қилинади — содир бўлган теракт ҳақида ёки такрорий ҳужумлар тайёрланаётгани ҳақида маълумот бўлса. Айни пайтда шаҳарда режали аксилтеррорчилик операцияси давом этмоқда.