Мактаб ўқувчиларини олиб кетаётган автобус Туркия жанубида суғориш каналига тушиб кетди, деб ёзади Hurriyet. Оқибатда 14 киши ҳалок бўлди, яна 26 киши жабрланди.
Ҳалокат 5 июнь, якшанба куни Усмония провинциясида юз берди. Дастлабки маълумотларга кўра, ўқувчи болаларни Усмония шаҳри ташқарисидаги Қоратепа қўрғонига экскурсияга олиб бориб, Искандерунга қайтаётган автобус ҳайдовчиси бошқарувни бажара олмай қолган.
Автобусдагиларни биринчи бўлиб тасодифий ўткинчилар қутқаришга киришди. Ҳодиса жойига кўп сонли қутқарувчилар ва «тез ёрдам» машиналари юборилди.
Ҳалок бўлганлар орасида олти нафар бола ва саккиз нафар катта одам бор, жабрланганлардан бири касалхонада вафот этди, яна камида уч киши оғир аҳволда ётибди. Воқеа жойида қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.